Марказий Осиё ва фойдали қазилмалар. 1991-2021.
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МИНТАҚА РEСУРСЛАР УЧУН КУРАШ МАЙДОНИГА АЙЛАНДИ?

РEСУРСЛАР УЧУН КУРАШ
2022 ЙИЛГАЧА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАР ТАҚДИРИ ҚАНДАЙ КЕЧГАН?

Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, Марказий Осиёда йирик фойдали қазилма захиралари тўпланган. Минтақа, шунингдек, Хитой-Россия-Европа алоқалари хаби вазифасини ҳам бажаради.

Йиллар давомида Марказий Осиё инвестиция ва сиёсий дахлсизлик эвазига фойдали қазилма конларини сотиб, ноқулай шартномалар тузди.

Аввалги лонгридларда биз минтақадаги бир қатор давлатлар деярли тўлиқ фойдали қазилмаларни сотишга қарамлигини кўрсатгандик.

Бошқа мамлакатларнинг бу фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва сотишга таъсири даражасини баҳолаш учун нефть, газ ва олтин конларида қазиб олиш лицензиялари кимга тегишли эканини ва шартномалар қандай тузилганини, шунингдек, мамлакатни ёқилғи билан таъминлайдиган, бошқа мамлакатларга етказадиган нефть ва газ қувурларини ким назорат қилаётганини билишимиз лозим.

Ресурслар учун кураш
ҚОЗОҒИСТОН

Қозоғистон — минтақадаги энг йирик ресурс заҳираларининг эгаси ҳисобланади. Энг муҳими шундаки, Қозоғистон демократик давлат бўлиб, унда кўп жараёнлар нисбатан шаффоф, уларни кузатиш ва таҳлил қилиш мумкин (катта фойдали қазилма захираларининг яна икки эгаси – Ўзбекистон ва Туркманистон 90-йиллардаёқ иқтисодиётни максимал даражада давлатлаштириш йўлидан кетганди).

Козоғистон — дунёдаги бир қатор фойдали қазилмаларнинг энг катта етказиб берувчиларидан бири. World’s top exports 2021 маълумотларига кўра, мамлакат нефть экспорти бўйича дунёда 15, мис экспорти бўйича 11 ва уран экспорти бўйича 1-ўринни эгаллаб турибди. Ҳудудда дунёдаги энг йирик вольфрам заҳираларидан бири ҳам мавжуд: Қозоғистон вольфрам заҳиралари бўйича етакчи уч мамлакатдан бири, аммо уни қазиб олиш унчалик ривожланмаган. 2018 йилда саноатни жонлантириш режалари ҳақида хабар берила бошлаганди, бироқ 2019 йилда энг йирик вольфрам кони Хитойнинг Xiamen Tungsten компаниясига сотилди ва де-факто миллий операторлар таъсир доирасидан чиқиб кетди.

Экспорт маълумотларига назар ташлайдиган бўлсак, Қозоғистоннинг камида 56 фоиз фойдали қазилмаларни сотишга боғлиқ эканини кўрамиз. Экспортнинг энг катта улуши нефт хомашёси ҳисобига тўғри келади. 2021 йилда Қозоғистон ундан 31,1 миллиард доллар даромад олган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, нефть асосан Италия ва Нидерландияга сотилган.

Нефть нархининг тебранишлари туфайли Қозоғистон қиймат жиҳатдан ҳали ҳам ўн йил аввалги экспорт даражасига чиқолмади.

Тизимнинг муҳим элементлари нефть қазиб олувчи компаниялар ва нефт хомашёсини қимматроқ нарсага айлантирадиган нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ) ҳисобланади.

Ҳозирда Қозоғистонда учта йирик нефтни қайта ишлаш заводи ишлайди – Атирау, Павлодар ва Чимкентда. Дастлабки иккитаси КазМунайГаз нефть ва газ қазиб олиш миллий операторига, охиргиси эса PetroKazakhstan компаниясига тегишли бўлиб, унинг тарихи ҳақида қуйида гаплашамиз.

Конларга келсак, Қозоғистондаги энг йирик нефть захираларига эга конлар: Кашаган (тахминий ҳисоб-китобларга кўра 1-2 миллиард тонна), Тенгиз (0,75-1,125 миллиард тонна), Карачаганак (1,35 триллион куб метр газ ва 1,2 миллиард тонна нефть), Узень (1,1 миллиард тонна), Каламкас (67,6 миллион тонна) ва Жетибай (68 миллион тонна).

Қозоғистон нефтининг асосий қисми тўққизта компания томонидан қазиб олинади.

Расмий маълумотларга кўра, Хитой ва Россия компаниялари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича кичикроқ кўрсаткичларга эга — Хитойнинг CNPC компанияси 2021 йилда 6,7 миллион тонна, Россиянинг Лукойл эса 2,9 миллион тонна. Қазиб олиш ҳажмининг катта қисми Қозоғистоннинг «КазМунайГаз» компаниясига тегишли, бироқ экспертларнинг фикрича, бу миллий компания энг кўп даромад олади, дегани эмас.

  • Jusan Analytics
    Қозоғистон нефть ва газ саноати шарҳи
    «Миллий компаниянинг юқори диверсификацияси ва салмоқли иштирокига қарамай, нефть ва газ қазиб олишнинг катта қисми хорижлик ҳамкорлар томонидан назорат қилинади. Ҳар йили экспортдан тушган тушумнинг қарийб 35 фоизи хорижий инвесторларга тўланади».

Қозоғистонда конларга эгалик қилиш жуда шартли тушунчадир. Кўпгина Қозоғистон (бир қарашда) компаниялари хорижликлар томонидан назорат қилинади. Кўпгина хорижий компаниялар эса аслида қозоғистонликлар ёки келиб чиқиши қозоғистонлик бўлганлар томонидан назорат қилинади.

Сўнгги 20 йил ичида Қозоғистонда фойдали қазилмалар бозорида қоидалар қандай шаклланди? Келинг, буни тушуниш учун бир нечта кейсларни кўриб чиқамиз.

КЕЙС 1
КАРАГАНДа МЕТАЛЛУРГИя КОМБИНАТи

1995 йил 17 ноябрда Ispat International UK Қозоғистон Республикаси билан Караганда металлургия комбинатини (Кармет) хусусийлаштириш тўғрисида шартнома тузди, у келажакда Арсело́рМи́ттал Темирта́у`га айлантирилади.

Ўн йил ичида бу келишув Ispat International`ни пўлат ишлаб чиқариш бўйича дунёда 32-ўриндан 14-ўринга кўтарди. Бир қатор тадқиқотчилар айнан Карметнинг хусусийлаштирилиши Лакшми Митталга ўз империясини қайта қуриш ва ArcelorMittal`ни дунёдаги иккинчи* энг йирик компанияга айлантириш имконини берганини тасдиқлайди.

*Компания фақат пўлат ишлаб чиқармаслигини ҳисобга олиш керак.

Бу хусусийлаштириш қандай амалга оширилди? Лакшми Миттал Карметнинг активларини ноқонуний равишда эгаллаб олди дейишга асос борми?

Албатта, содир бўлган нарсалар қонуний эди. Аммо бу 1995 йилги қонунлар доирасида қонуний эди (ўша пайтда улар жуда номукаммал бўлган). Марҳум Рахат Алиев (собиқ президент Назарбоевнинг куёви, мамлакатдан қочиб, қудратли қайнотасидан узоқ йиллар яшириниб яшаган) ўзининг «Чўқинтирган қайнота» китобида Лакшми Миттал комбинатни олиш доирасида акцияларининг ярмини ва 50 миллион долларни Нурсултон Назарбоевга ўтказганини таъкидлайди. Бироқ, бу факт ҳеч қайдай тасдиқга эга эмас.

2022 йилда ўша пайтда Нурсултон Назарбоевнинг штатдан ташқари маслаҳатчиси бўлган қозоғистонлик сиёсатчи Булат Абилов келишув жиноий бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Лакшми Караганда металлургия комбинатини 200 миллион долларга сотиб олган, ҳақиқатда эса унинг қиймати 3 миллиард доллардан ошиқ бўлган.

Шу ўринда биз Марказий Осиё минтақасида фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарини қайта тақсимлаш деярли янги туғилган, ресурсларга бой ҳамда инфратузилма ва техник жиҳатдан ривожланган (бу уларни сармоя учун ниҳоятда жозибадор қилган), лекин сиёсий жиҳатдан бутунлай ривожланмаган мамлакатларда амалга оширилганини эслатиб ўтишга мажбурмиз. Бу мамлакатларда оммавий муҳокама ва фуқароларни мамлакат тақдири учун муҳим қарорларни қабул қилишга жалб қилиш амалиёти ривожланмаган.

Миқдори камайтириб кўрсатилган хусусийлаштириш ҳақидаги тезисни кўриб чиқамиз. «Кармет»ни хусусийлаштириш қиймати 225 миллион долларни ташкил этди. Бундан ташқари, маблағ 1996 йил 17 майдан 1999 йил 17 ноябргача тўртта тўлов (!) билан тўланиши керак эди.

Шу билан бир пайтда ушбу масала тадқиқотчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Кармет пўлат етказиб беришдан ойига тахминан 40-45 миллион доллар даромад олган. Ва бу назарий пул эмас, балки комбинат томонидан имзолаб бўлинган шартномалардаги пул эди. Комбинатни хусусийлаштириш қиймати олти ойдан камроқ вақт давомида чет элга пўлат етказиб беришдан тушган даромадга тенг эди. Бошқача айтганда, комбинат ишлаб, ўз маҳсулотини сотган, жаноб Миттал эса уни сотиш билан шуғулланган (заводда аллақачон савдо каналлари ва харидорлари мавжуд бўлган) ва шу пул эвазига завод нархини тўлаган.
*Хусусийлаштиришгача.

Шундай қилиб, Лакшми Миттал назарий жиҳатдан Қозоғистонга ўз пулидан бир тийин ҳам сармоя қилмасдан, фақат заводнинг ўзидан атиги олти ойлик даромад эвазига 225 миллион доллар тўлаши мумкин эди.

Тахмин қилиш мумкинки, чет элга пўлат этказиб беришнинг мавжуд суръатларини сақлаб қолган ҳолда, 225 миллион тўлаш учун ажратилган уч ярим йил ичида Лакшми Миттал 1 дан 2 миллиард долларгача фойда олиши керак бўлган. Жаноб Миттал учун жуда фойдали шартнома.

Қайд этиш жоизки, «Кармет»нинг маълум даражада қарзи ҳам бўлган (кредиторлар олдидаги 50 миллион долларга яқин қарз ва иш ҳақи бўйича 10 миллион доллардан сал кўпроқ қарз), бироқ бу қарзлар умумий картинани жиддий равишда ўзгартира олмайди. Караганда металлургия комбинати ҳақиқий қийматидан ўнлаб баравар кам сумма эвазига хусусийлаштирилган.

Кўриниб турибдики, Лакшми Миттал Кармет`га жуда қулай шартларда эга чиқди. Қозоғистон халқи бу битимдан фойда кўрмади. Биз бу сотиб олиш шартларини машҳур ибора билан тавсифлашимиз мумкин: «уларга олганлари учун ҳам пул тўлашди».

Кўплаб тадқиқотчилар Кармет барча зарур инфратузилма мавжудлиги сабабли ҳам жуда фойдали харид бўлганини таъкидлайди. Электр энергияси (Экибастуз), домен учун кокс (Караганда), агрегатларни совутиш учун сув — буларнинг барчаси заводга «бир қадам» масофада жойлашган ва у билан ривожланган темир йўл тармоғи орқали боғланган.

Шартнома шартларига кўра, заводнинг янги эгаси Қозоғистонда хомашё, электр энергияси ва темир йўл тарифлари бўйича энг паст нархлар кўринишидаги имтиёзларга эга бўлди. Караганда металлургия комбинатини хусусийлаштириш бўйича тадқиқотчи Олег Гусевнинг таъкидлашича, Лакшми Митталга экологик қонунчиликни бузганлик учун жарима миқдори 200 миллион тенгедан ошмаслиги бўйича кафолат берилган.

Олег Гусевнинг сўзларига кўра, агар сумма 200 миллион тенгедан ошса, давлат харидорларнинг зарарини қоплаш мажбуриятини олади.

2018 йилда АрселорМиттал Темиртау экологик қонунчиликни бузгани учун 1,4 млрд жарима тўлаган. Шартномага мувофиқ, давлат унга зарарнинг 200 миллион тенгедан юқори қисмини қоплаб бериши лозим эди. Ушбу келишув ҳозирда қайта кўриб чиқилган ёки йўқлиги (қайта кўриб чиқилаётгани ёки йўқлиги) номаълум, лекин у ҳариддан кейинги биринчи ўн йил ичида амал қилган.

Карметни сотиш афзалликлари орасида кўпинча «Арселор Миттал Темиртау» АЖ катта ижтимоий масъулиятни ўз зиммасига олгани таъкидланади. Аммо бу тезисни шуни ҳисобга олиш қабул қилиш керакки, эски Кармет шаҳар инфратузилмасини сақлашда анча каттароқ масъулиятни бўйнига олган, «Арселор Миттал Темиртау» АЖ эса бу болалар боғчалари, истироҳат боғлари ва спорт иншоотларининг аксариятидан халос бўлган.

2005 йилда Лакшми Миттал Украинанинг «Криворожсталь» корхонасини 4,8 миллиард долларга сотиб олди (дастлаб у Украина олигархларига 800 миллион долларга сотилган, аммо кейин Юлия Тимошенко ҳукумати реприватизацияни талаб қилган). Ҳозир, йиллар ўтиб, бу икки объектнинг нархини солиштириш жуда қийин, аммо шуни таъкидлаш керакки, ишлаб чиқаришнинг энг юқори чўққисида Кармет ҳам, «Криворожсталь» ҳам йилига 6 миллион тоннага яқин пўлат ишлаб чиқарган. Бу таққосланадиган рақамлар бўлиб, Кармет`нинг ҳақиқий қиймати «Криворожсталь» нархига яқин бўлиши керак эди деб ҳисоблашга асос бўлади.

КЕЙС 2
«PetroKazakhstan»

«PetroKazakhstan» Канада нефть компанияси (Калгари, Алберта) бўлиб, унинг бутун бизнеси Қозоғистонга қаратилган. Канаданинг PetroKazakhstan компаниясининг асосий акциядори Хитойнинг PetroChina компанияси ҳисобланади.

Муайян вақтда* компания Қозоғистондаги иккинчи энг йирик тасдиқланган нефть ва газ захираларига эгалик қилган (ChevronTexaco`нинг ТенгизШевройлидан кейин). 2005 йилда PetroKazakhstan (активларини назорат қилиш учун йиллар давомидаги курашлардан сўнг) Хитой миллий нефть корпорацияси томонидан сотиб олинди ва кейин 2006 йилда PetroChina`га ўтказилди.

* Захиралар ҳажми вақти-вақти билан қайта аниқлаштириб турилади

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА
Кичик компания ҳисобланган Hurricane Hydrocarbons (1981 йилда асос солинган), дастлаб Ғарбий Канадада ишлаган. 1991 йилда у Қозоғистон жанубидаги Кизилкия, Арискум, Майбулак ва Жанубий Кумколь конларини ўзлаштириш бўйича ҳамкорга айланди, бу эса компаниянинг операциялар марказини кескин Қозоғистонга томонга ўзгартириб юборди.

1996 йилда бу компания ҳукуматдан «Южнефтегаз» акциядорлик жамиятини ва «Казгермунай» ва «Тургай Петролеум» нинг 50 фоиз улушини сотиб олди. Бу корхоналардан иккинчиси Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги қўшма корхона эди. Бу харидлар ва Канада технологиясидан фойдаланиш Hurricane Hydrocarbons компаниясини Қозоғистон нефть қазиб олиш бозоридаги энг йирик ўйинчилардан бирига айлантирди.

Бироқ, 1999 йилда компания банкротлик ёқасида эди. Компаниянинг ўша пайтда қазиб олинган барча нефти Central Asian Industrial Holdings N.V. (CAIH)га тегишли нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ) орқали ўтган. У эса ўз навбатида Қозоғистоннинг етакчи хусусий банк гуруҳи бўлган Казкоммерцбанк (ККБ) нинг оффшор филиали бўлиб, ўзининг нефтни қайта ишлаш бўйича монополиясинидан юқори нарх белгилаш ва Hurricane Hydrocarbons`га босим ўтказиш учун фойдаланган.

Компанияни банкротликдан Hurricane Hydrocarbons акциядори бўлган канадалик тадбиркор Бернард Изотье қутқариб қолди. У Central Asian Industrial Holdings N.V. билан бирлашиш бўйича муваффақиятли музокаралар олиб борди. /Аслида шуни айтишимиз мумкинки, бу операция агрессив бирлашиш характерига эга бўлиб, бу жараёнда Қозоғистондаги энг йирик молиячилар гуруҳи хорижий корхона улушини олган, лекин хорижлик ҳамкорларни бизнесдан бутунлай чиқариб юбормаган. Ушбу бирлашиш Hurricane Hydrocarbons ривожланиши учун янги имкониятларини очиб берди./

Кейинчалик 1999-2000 йилларда Hurricane Hydrocarbons компанияси ўша пайтда мамлакатдаги энг замонавий нефтни қайта ишлаш заводи — Чимкент нефтни қайта ишлаш заводига (кунига 160 минг баррель) эгалик қилган «Шимкентнефтеоргсинтез» ОАЖ (ҳозирги «ПетроКазахстан Ойл Продактс»)нинг 88,4 фоизини сотиб олди.

2001 йилдан бошлаб компания нафақат қазиб олиш бозорида, балки Қозоғистон нефтни қайта ишлаш бозорида ҳам муҳим ўйинчига айланди ва ўз эгалари ҳамда Қозоғистон ҳукумати ўртасидаги кураш объектига айланди. Ўша пайтдаги ОАВ хабарларига кўра, Қозоғистон ҳукумати акцияларни «кулгули даражада арзон нархда» қайта сотиб олишга уринган, бундан бир йил аввал эса «қуролланган ёлланма аскарлар нефтни қайта ишлаш заводини эгаллаб олиб, келишувга келинмагунча ходимларга қурол ўқталиб турган». Кейинчалик, компания Қозоғистон Миллий фондига (асосий фонд, республика бюджети учун трансфертлар манбаи бўлиб хизмат қилади) пул ўтказиши керак бўлган корхоналар рўйхатига киритилди.
2003 йилда «Харрикейн» барча операциялари шу мамлакатда эканлигини кўрсатиш учун «PetroKazakhstan» деб қайта номланди.

2003 йилда компанияга қарши давлат хайрихоҳлигидаги ҳужумлар бошланди. Ҳужум жарималар ва атроф-муҳит ва меҳнат қонунчилиги бузилишига қарши оммавий норозиликларни ўз ичига олди.

2005 йил июнь ойида «PetroKazakhstan» компанияга уни қўшиб олиш ёки бирлашиш бўйича мурожаат билан чиқишганини эълон қилди. Эҳтимолий даъвогарлар иккита эди — Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган Ҳиндистоннинг ONGC компанияси филиали ва Хитой миллий нефть корпорацияси (CNPC), Қозоғистон ҳукумати охир-оқибатда шу корпорация тарафида турган.

Натижада, «PetroKazakhstan» 2005 йилда Хитой компаниясининг хориждаги энг йирик харидига айланди. 2005 йил 21 августда Хитой миллий нефть корпорацияси (CNPC) компанияни CNPC International Ltd. орқали 4,18 миллиард АҚШ долларига сотиб олди. Бу корхона China National Oil & Gas Exploration and Development Corp. (CNODC) таркибида ҳисобланади.

КЕЙС 3
Обуховский Тоғ-Бойитиш комбинати

Қозоғистоннинг титан-циркон рудаларини ишлаб чиқарувчи энг йирик корхонаси. Унинг хомашё базаси Обухов титан-циркон кони ҳисобланади. Кон Шимолий Қозоғистон вилоятининг Тайишинский туманида жойлашган.

2006 йилда у Россия бизнес тузилмалари томонидан эгаларининг ихтиёрига зид равишда эгаллаб олинган.

10 йил давомида россияликлар назорати остида бўлган ва де-факто ишламаган.

2021 йилда Қозоғистонда ушбу заводни эгаллаб олишга уринишларга бағишланган жуда машҳур «ГОК» қисқа метражли фильмлар серияси тақдим этилди. Фильмнинг асосий лейтмотиви қозоқ амалдорларига: «Нега Ватанни сотиш керак?» деган мурожаат ҳисобланади.

Маълумот ўрнида
2004 йилда Шимолий Қозоғистон вилоятида «Тиолайн» компанияси ташкил этилган. Лойиҳа ўша пайтда фаолият юритаётган Лисаково титан-циркон заводи негизида ишга туширилган бўлиб, бу завод Қозоғистон фуқароси Виктор Долгалевга тегишли эди. Долгалев унга россиялик ҳамкорлари Дмитрий Пяткин ва «Промарсенал» МЧЖ компаниясидан олигарх Александр Фрайман билан биргаликда асос солган. Долгалев улуш сифатида ўз заводини қўшган, руслар эса 5 миллион доллардан тиккан.
2006 йилда Долгалев сиртдан директор лавозимидан озод қилинди ва унинг устав капиталидаги улуши 20 дан 0,049 фоизгача камайтирилди. Бўлаётган воқеани ғайриихтиёрий эгаллаш сифатида баҳолаш мумкин.

2011 йилда Россия судининг қарорига кўра, Қозоғистон фуқароси Виктор Долгалев Қозоғистон компаниясидаги иштирокидан маҳрум қилинганди. Бундай қарорга Долгалев шерикларининг йиллик 40 фоизли кредит олиш таклифига рози бўлмагани сабаб бўлган. Кредитлар унинг шерикларига аффилланган кредит ташкилотларидан олиниши тахмин қилинганди.

Виктор Долгалевнинг четлатилиши натижасида комбинат банкротликкача олиб келинди. 2017 йилда корхонада 6 киши (2006 йилда 313 нафар ҳодим бор эди) ишлаган. Агар Обуховский тоғ-бойитиш комбинатининг фаолияти бўйича 2007-2016 йилларга мўлжалланган, тасдиқланган иш дастури амалга оширилса, давлатга 46 миллион доллар солиқ келиб тушиши ва 350 нафар одам яхши ҳақ тўланадиган ишчи ўрни билан таъминланиши мумкин эди.

2015-2016 йилларда суд жараёнлари натижасида Виктор Долгалев Россия судининг қарорини бекор қилишга ва завод устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.

2020 йилда завод ҳудудида оммавий муштлашув содир бўлди (баъзи муассислар куч ишлатиб завод устидан ўз назоратини қайта тиклашга ҳаракат қилди).

2016 йилдан 2021 йилгача завод устидан назорат учун фаол кураш давом этди. Корхона раҳбарияти ва ходимларининг сўзларига кўра, Шимолий Қозоғистон вилояти маъмурлари комбинатнинг «ПромАрсенал» эгалари, тадбиркорлар Дмитрий Пяткин ва Александр Фрайманга алоқадор бўлган россиялик акциядорлари кўмагида уни хитойикларга беришга ҳаракат қилган.

Корхона инфратузилмаси вайрон қилинганига ва суд жараёнларига қарамай, «Обуховский» комбинати ўз ишини давом эттирди. 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда асосий қарзлар (шу жумладан, рейдерчасига корхонани олиб қўйган олдинги бошқарувчилар даврида йиғилган) тўланди ва корхоналар тўлиқ қайта жиҳозланди. Молиявий муаммоларга қарамай, заводнинг ҳозирги раҳбарияти (корхонани рейдерликдан ҳимоя қилганлар) уни барқарор даромад олиш босқичига олиб чиқишга муваффақ бўлди.

2021 йилда «Обуховский» комбинати ходимлари очлик эълон қилди. Очлик эълон қилинишига Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги томонидан «Тиолайн» билан тузилган шартноманинг бекор қилиниши, икки ой давомида иш ҳақи тўланмагани, электр таъминотининг узилиши, завод юкларининг полиция томонидан ҳибсга олиниши ва олиб қўйилиши сабаб бўлди. Комбинат ходимлари конни ўзлаштириш учун лицензияни комбинатнинг ўзига қайтаришни, россиялик инвесторларни четлатишни ва ишдан бўшатилган ходимларни ишга қайта тиклашни талаб қилди.

Виктор Долгалевнинг сўзларига кўра, россияликлар аввал бошидан заводни банкрот қилиш ва конни тортиб олиш мақсадида у билан ҳамкорликка киришган.

Ресурслар учун Кураш
ТУРКМАНИСТОН

Туркманистон минтақадаги энг йирик табиий газ экспортчиси ҳисобланади. У газ газ қазиб олиш бўйича дунёда 11-ўринни эгаллайди.

Нефтни эса мамлакат анча кичик миқдорда сотади. 2021 йилда Туркманистон 4,8 миллиард долларлик газ ва 808 миллион долларлик нефть экспорт қилган.

Туркманистон табиий газ захиралари бўйича дунёда 4-ўринда туради. Лондонда жойлашган Argus баҳолаш агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатдаги табиий газ захиралари 25 триллион куб метрга етиши мумкин.

Туркманистоннинг 67,8 фоиз экспорт даромадлари газ сотуви билан боғлиқ.

2021 йилда Туркманистон ўз газининг 97 фоизини Хитойга сотди. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат газининг 90 фоиздан ортиғи Хитойга жўнатилган. Хитойга газ етказиб бериш бўйича шартнома 2010 йилда имзоланган. 2009 йил ва ундан олдин Туркманистон газининг 80 фоиздан ортиғи Украинага жўнатилган.

2009 ва 2010 йилларда газ етказиб бериш сиёсий ва иқтисодий келишмовчиликлар туфайли кескин қисқарди. 2011 йилда аввалги даражасига қайтди (ҳажми бўйича), лекин аста-секин ўз манзилини ўзгартира бошлади.

Туркманистон гази учун Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасида йиллар давомида кураш бормоқда.

Минтақадаги энг муҳим газ можароларидан бири Россия ва Туркманистон ўртасида 2010 йиллар бошида содир бўлган. Бу можаро Туркманистоннинг роли, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ва иштирок этаётган давлатларнинг амбицияларини намоён этади.

Маълумот ўрнида
2003. Туркманистон ва Россия газ саноати соҳасида 25 йиллик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган, келишув доирасида «Газпром экспорт» ва «Туркменнефтегаз» Туркманистон табиий газини экспорт/импорт қилиш бўйича узоқ муддатли шартнома тузди. Вақт ўтиши билан Россия ўз қазиб олиш компаниялари қувватини оширди ва Туркманистоннинг газига бўлган эҳтиёжи йўқолди. Бироқ, экспертларнинг фикрича, айни вақтда Россияга Туркманистон газнинг Украинага, кейин эса Европага етказиб берилаётгани ёқмаган.

2006 . 2006 йил январь ойида Озарбайжон Бош вазири Артур Расизадe Қозоғистон Бош вазири Даниал Ахметовга Қозоғистон газини Жанубий Кавказ газ қувури орқали Туркияга, у ердан эса Европа бозорига экспорт қилишни таклиф қилади.

2007. Россия, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида Марказий Осиё газ қувурининг реконструкция қилинган ва кенгайтирилган ғарбий тармоғи орқали Марказий Осиёдан Европага газ экспорт қилиш бўйича уч томонлама шартнома имзоланди. Бу охир-оқибатда Туркманистон газини Европага етказиб беришни Россия ва Эрон позициясидан бутунлай мустақил ҳолда амалга ошириш имконини бериши мумкин бўлган Транскаспий газ қувури лойиҳасига чек қўйди.

2007. 2007 йилда «Газпром» Марказий Осиё газ бозорини монополлаштиришга уриниб, газ учун Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга Европа нархини — 160 доллар/1000 м³ тўлашни таклиф қилди. Оширилган нарх Россиянинг Украинага молиявий босим ўтказишга уриниши билан боғлиқ эди. Бироқ, бу таклифдан кўп ўтмай, «Европа нархлари» тушиб кетди ва «Газпром» Марказий Осиёдаги нархларни мос равишда пасайтириш керак деб ҳисоблади. Бироқ, Туркманистон газ учун эски нархини талаб қилишда давом этди.

2008. Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эрон атроф-муҳит билан боғлиқ масалалар туфайли Каспий денгизида ҳар қандай сув ости қувури қурилишига қаршилигини маълум қилди.

2009. Туркманистон ва Россия ўртасидаги газ можароси авж олди. 2009 йилгача Туркманистон газни асосан Украинага экспорт қилган, аммо кейин Россия аралашуви туфайли экспорт оқимини Хитойга йўналтиришга қарор қилган. Бу Туркманистон Россияни «Ўзбекнефтгаз» газ қувури тармоғидаги портлашда айблаганидан кейин содир бўлди. Шундан сўнг Туркманистон Германиянинг «RWE AG» энергетика компанияси билан туркман газини Европага ташиш бўйича шартнома имзолади ва Европа Иттифоқини Туркманистон орқали Эрон билан боғлаши режалаштирилган Набукко газ қувури лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилиш учун Прагага етиб келди. Туркманистон европаликлар билан келишолмади. Охир-оқибат, ўша йили Туркманистон газ қувури қурилиши учун кредит ва газ етказиб бериш бўйича шартномага эришиб, газ экспортини Хитойга йўналтирди. Туркманистон ҳар йили Хитойга 60 миллиард метр кубга яқин газ етказиб беради.

Ўша йили Марказий Осиё газ қувурининг биринчи тармоғи пайдо бўлди, у орқали Марказий Осиёдан Хитойга газ этказиб берилади. Биринчи тармоқ Туркманистонда қурилган.

2010. Туркманистон Россияга етказиб беришни қисқартиришга рози бўлди. Ҳар метр куб учун 200-250 доллар нархда ҳажм 10 миллиард метр кубгача камайди.

2014. Туркманистон янги газ бозорларини қидиришда давом этмоқда. Мамлакат Европа Иттифоқи билан савдо қилишга йўналган, аммо газни ташиш учун Транскаспий газ қувури керак, унинг қурилиши учун эса Каспий ҳавзасидаги барча давлатларининг розилиги талаб қилинади. Россия ва Эрон қурилишга қарши бўлиб турибди. Расмий равишда улар «экологик сабабларга кўра» қарши, бироқ аслида, таҳлилчилнинг фикрига кўра, Россияга Европа бозорида рақобатчи керак эмас, Эрон эса Туркманистон газига муҳтож.

Шу йили Хитой Туркманистондаги Багтиярлик участкасида CNPC газни қазиб оладиган ва уни Марказий Осиё газ қувури орқали жўнатадиган товар газини тайёрлаш заводи қурилишини якунлади.

2015. Туркманистон Россия жорий этилган санкциялар туфайли қарзларини тўлашни тўхтатганини маълум қилди. Россия вакиллари Туркманистонни ҳиссиётларга берилиш ва туҳматда айблади. Кейинроқ Туркманистон оммавий ахборот воситалари экспертлар «қардош халқлар» муносабатларини бузишга уринаётганини таъкидлади.

2017. Эронга газ етказиб бериш тўхтатилди, чунки Эрон тўловни кечиктирди.

2019. Туркманистондан Россияга газ етказиб бериш қайта тикланди. Инсайдерларга кўра, ўшанда Туркманистон «Россия монополистига нарх бўйича жиддий ён беришга» мажбур бўлган. Бу баёнот Туркманистон ҳукумати 5,7 миллион фуқарога газ, электр энергияси, сув ва ош тузи учун бериладиган имтиёзларни бекор қилган кунида берилган. Исмини ошкор этмаган экспертнинг сўзларига кўра, бу қарор Каспий конвенциясининг имзоланиши билан боғлиқ.

«12 август куни Каспий конвенцияси имзоланди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан, Москва Каспий денгизига ташқи кучлар таъсир қилмаслигини таъминлади, аммо у Транскаспий газ қувури масаласи бўйича баъзи ён беришларга боришга мажбур бўлди. Москва энг камида расман бошқа иштирокчи давлатларга «Каспий» туби бўйлаб газ қувурларини ётқизиш имкониятини қолдирди. Туркманистон газини сотиб олишни тиклаш орқали Москва қийин иқтисодий вазиятда Туркманистонга ёрдам кўрсатади ва Ашхободни яқин келажакда Транскаспий газ қувурини қуришдан қайтариши мумкин бўлади, бундан ташқари, энг муҳими Туркманистонни ўз газининг экспорти бўйича Россияга қарам қилади».

2020. Россия Туркманистондан газ импортини икки баробарга оширганини маълум қилди. Туркманистон ёқилғи-энергетика комплекси вакиллари Россиянинг Хитойга «Сила Сибири-2» газ қувурини қуриш режалари Туркманистонни Хитой газ бозоридан сиқиб чиқаришга уриниш эканини таъкидлади

Келтирилган хронологияни таҳлил қилиб, Туркманистон икки ҳукуматининг ҳам Европага мустақил газ етказиб бериш каналини яратишга уриниши Россия ва Эрон томонидан аниқ мувофиқлаштирилган қарши қадамлар билан кутиб олинди ва Европа Иттифоқи тарафга ўз газ қувурини қуриш бўйича барча имкониятлардан тўсиб қўйди деган хулосага келишимиз мумкин. Бунинг натижасида Туркманистон ўз газ оқимини Хитойга йўналтиришга ва иқтисодиётини бутунлай ХХР билан келишувларга мослаштиришга мажбур бўлди. Воқеанинг аниқ бенефициари Хитой бўлди, у Туркманистон газининг асосий улушига эга чиқди. Билвосита бенефициар эса Европа Иттифоқини мустақил газ етказиб берувчидан маҳрум қилишга муваффақ бўлган Россия эди. Ҳозирда Туркманистон гази Европа Иттифоқига фақат Россия воситачилигида етказиб берилмоқда.

Мутахассислар маълумотларига кўра, Туркманистон 10 йил давомида ўз даромадининг катта қисмини Хитойга бериб, кредитлар, жумладан Туркманистон-Хитой газ қувури қурилиши (таҳлилчилар фикрича, Россияга қарам бўлмаслик учун қурилган) учун олинган кредитни тўлаб келган.

«Хитой, ўз навбатида, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, газни арзон нархларда сотиб олади, шунингдек, Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг Туркманистон қисмини қуриш ва газ қазиб олиш ва қайта ишлаш инфратузилмасини яратишни молиялаштириш учун компенсация сифатида ҳам газ олади. Устига устак, Хитой катта ҳажмдаги газни сотиб олади, бу эса ўз навбатида Ашхобод экспортида асосий улушни ташкил этади», — деб ёзади ОАВ.

2021 йилда Туркманистон бош вазири ўринбосари Шахим Абдрахманов Туркманистон Хитойга Туркманистон-Хитой газ қувурини қуриш ва «Галкыныш» газ конини ўзлаштириш лойиҳасидаги ўз улушини молиялаштириш учун ажратилган кредитни тўлиқ тўлаганини маълум қилди. Мутахассисларнинг фикрича, қарз тахминан 10 миллиард долларни ташкил этган.

Ишончли маълумотлар йўқлиги сабабли экспертлар, жумладан Жаҳон банки ҳам Туркманистондаги вазиятни тахминларсиз баҳолашни ўз зиммасига олмайди. Масалан, Жаҳон банки Туркманистон (ва Венесуэла)ни ишлаб чиқариш ҳажми, даромадлар ва ЯИМ ўсиш суръатлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланадиган «Жаҳон иқтисодиётлари ривожланиш истиқболлари» ҳисоботига киритмайди.

Туркманистон йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида катта топишмоқ бўлиб қолмоқда.

ресурслар учун кураш
ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистондан асосан саноат товарлари, олтин, хизматлар, энергоресурслар ва нефть маҳсулотлари экспорт қилинади. 2021 йилда олтиннинг экспортдаги улуши 24,7 фоизни, саноат товарлари улуши 26,1 фоизни ташкил этади.

Мамлакат 2021 йилда 4,1 миллиард долларлик олтин сотган. Ўзбекистон 10 йил давомида 687 тонна олтин экспорт қилди, ундан 100 тоннаси 2020 йилда (ўшанда Ўзбекистон қиймат бўйича экспорт рекордини ўрнатган – 5,8 миллиард долларлик маҳсулот сотилган). Бу ишлаб чиқариш ўсиб бораётганидан далолат беради — масалан, 2020 йил июль ойида мамлакат дунёдаги энг кўп олтин сотган давлат бўлди (бир чоракда) ва бу натижани 2022 йил февралида яна такрорлади.

2022 йилда эса Ўзбекистон бозорда Россия олтинининг ўрнини босмоқчи эмаслигини маълум қилди. Ишлаб чиқарилган олтин, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, деярли тўлиқ Марказий банк томонидан сотиб олинади – бу бўйича ташкилот устувор ҳуқуққа эга. Марказий банк халқаро заҳираларининг 60 фоизини олтин ташкил этади.

«Яъни, маркетинг бўлиши учун ва мақсадли равишда йирик олтин бозорида қандайдир нуқталарни эгаллаш учун ҳаракат қилганимиз йўқ», — деди вазир ўринбосари.

Мамлакат Марказий банкига барча маҳаллий тозаланган олтинни сотиб олиш бўйича устувор ҳуқуқ берилган.

Иқтисодий қийинчиликлар обсерваторияси (OEC) маълумотларига кўра, 2020 йилда деярли барча олтин энг йирик халқаро олтин савдоси хаби ҳисобланган Буюк Британияга (91,6 фоиз) сотилган, 7,4 фоизи эса Россияга сотилган.

2021 йилда олтиннинг 52 фоизи Швейцарияга, 39,1 фоизи Буюк Британияга экспорт қилинган. Ўзбекистон якуний мижозлар ҳақидаги маълумотларни яширади. Маълумки, масалан, Швейцарияга етказиб берилган олтин халқаро биржада сотилади.

«Олтинни сотиб олган давлат уни халқаро бозорда қанча сотиб олганини ошкор қилишни истамайди. Шунга сабабли бу ошкор қилинмайди», — дея қайд этади ҳукумат.

Ўзбекистонда кимга нима тегишли эканлигини айтиш қийин. Ўзбек журналистлари асосан инсайдер маълумотларга мурожаат қилади. Ўзбекистондаги энг йирик тоғ-кон саноати корхонаси Навоий кон-металлургия комбинати ҳисобланади. Компания олтин, уран ва нодир металларни қазиб олади. Олтин заҳираси — 3700 тонна. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган барча саноат маҳсулотларининг 10 фоизи, бюджет даромадларининг 18 фоизи комбинат ҳиссасига тўғри келади. Комбинат жаҳон олтин ишлаб чиқарувчилари орасида учинчи ўринда туради.

Олтин қазиб олиш ҳажми йилига 80 тоннага яқин, умумий қазиб олиш ҳажми эса 100 тоннани ташкил этади. Компания Ўзбекистонда уран экспорти бўйича ҳам етакчи ҳисобланади.

Унинг акционери Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг «UzAssets» инвестиция компанияси ҳисобланади.

2021 йилда 10 фоиз акциялар сотилиши мумкинлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон металлургия комбинати — Ўзбекистондаги қора металлургия корхонаси.

Бу комбинат ҳокимиятнинг ёрдами билан олигархлар қўлига ўтган ҳисобланади. Ўзбек журналистлари бундай хабарларни ёзишда асосан ички маълумотларга таянади.

Корхона тарихи асосида нима учун Ўзбекистондаги бошқа корхоналар ҳақида бундай маълумотлар камлигини ҳам айтиб ўтамиз.

2021 йилда Ўзбекистон «Газпром»га газ сотувчидан, ундан газ сотиб олувчи харидорга айланди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри хабар берди. Бундан бир йил аввал Ўзбекистон Россияга газ сотишни тўхтатганди, чунки газ мамлакатнинг ўзига етишмаётганди. 2022 йилда 51,7 миллиард кубометр газ қазиб олинди, шундан 46,4 миллиарди ички истеъмолга йўналтирилди, яна 4 миллиарди эса Хитойга экспорт қилинди.

Россия Ўзбекистондан газни анча арзонга сотиб олди — ҳар минг куб метр учун 125 доллар (паст нарх Россия сармояси эвазига ўзига хос имтиёз сифатида белгиланди). Россия бу газни Қозоғистонга қайта сотган.

«Газпром» ўзбек газини Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига етказиб берган, эвазига эса шимолдаги, Қозоғистон-Россия чегарасида жойлашган Оренбургдаги газни қайта ишлаш заводи учун хомашё олган. Корхона йилига ўртача 8 миллиард кубометрни ташкил этувчи ушбу хорижий таъминотга жиддий боғлиқ. Қозоғистонликлар аста-секин ўз газини етказиб беришни йўлга қўйиб, Ўзбекистондан жанубий ҳудудларга газ етказиб берилиши аҳамиятини пасайтиришаётган бўлсада, таъминот қисман Ўзбекистон гази ҳисобига амалга оширилишини назарда тутувчи мазкур алмашув схемаси ўз кучида қолмоқда», — деди RusEnergy ҳамкори Михаил Крутихин The New Times нашрига берган интервьюсида.

Ресурслар Учун Кураш
ҚИРҒИЗИСТОН

2022 йилгача Қирғизистонда легал* экспортнинг асосий банди олтин эди. 2021 йилда жами экспорт ҳажми 2,7 миллиард долларни ташкил этган бўлса, шундан 1,4 миллиард доллари ёки 51,8 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келган.

*Биз кулранг экспорт оқимлари ҳақида бошқа шарҳимизда ёзгандик.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда 1,4 миллиард долларлик олтин сотилган – бу Қирғизистон учун барча даврлардаги рекорд миқдор ҳисобланади. 2020 йилда олтин экспорти миқдори 986 миллион долларни ташкил этган. Бу қўшимча бозорларнинг пайдо бўлиши туфайли содир бўлган бўлиши мумкин. Агар илгари Қирғизистон олтиннинг 90 фоиздан ортиғини Буюк Британияга етказиб берган бўлса, 2021 йилда экспорт структураси ўзгарди: 51 фоиз Буюк Британияга, 20 фоиз Швейцарияга, 17 фоиз БААга, 4 фоиздан Таиланд ва Хитойга.

Қумтор

Қумтор — 700 тоннага яқин олтин заҳираси билан Марказий Осиёдаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. 2021 йил ҳолатига кўра унинг Қирғизистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоизни, саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 23 фоизни ва умумий экспортдаги улуши қарийб 30 фоизни ташкил этган.

Бу кон мамлакатдаги давлат тўнтаришларининг сабабларидан бири ва ағдарилган икки президентга нисбатан очилган жиноий ишларнинг энг муҳим элементидир.

Маълумот ўрнида
1992. Мамлакатдаги энг йирик олтин конини ўзлаштириш ҳуқуқини ҳеч қандай рақобатсиз Канаданинг Cameco компанияси олди. Компания акциялари асосан Канада ҳукуматига тегишли эди.

Ҳозир у дунёдаги энг йирик очиқ уран компанияси ҳисобланади.

2002. Cameco Kumtor Mountain Holdings Corporation шўба корхонасини очди. Кўп масалаларни шу компания ҳал қила бошлади.

2003. Kumtor Mountain Holdings Corporation номини Centerra Gold`га ўзгартиришди. Унинг акциядорларидан бири ҳукуматнинг «Киргизалтин» очиқ акциядорлик жамияти бўлди.

2004. Қирғизистон ҳукумати билан реструктуризация ва инвестициялар тўғрисидаги битим кучга кирди. Реструктуризациядан кейин «Киргизалтин» улуши 33 фоизгача, Cameco улуши эса 66 фоизгача пасайди. «Киргизалтин» ўз акцияларининг бир қисмини Халқаро молия корпорацияси (Жаҳон банки таркибига киради) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки олдидаги тўланмаган қарзлари туфайли сотишга мажбур бўлди.

2013 йилда ўтказилган суд-иқтисодий экспертизаси шуни кўрсатдики, ўшанда «Киргизалтин» ОАЖнинг Centerra Gold`даги улуши 33 фоиз эмас, 58,7 фоиз бўлиши керак бўлган, яъни у 25,7 фоизга, қиймат жиҳатидан 171,5 миллион долларга кам баҳоланган.

«Халқаро ҳуқуқшунослар ва аудиторлар баъзи шубҳали тўловларга эътибор қаратди, уларнинг фикрича бу тўловлар Қирғизистон Республикаси мансабдорларининг «Қумтор» лойиҳаси реструктуризацияси бўйича келишув тузишдаги «хизматлари» учун ҳақ тўлаш усули сифатида хизмат қилган бўлиши мумкин. Тергов жараёни ва суд томонидан мансабдор шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукм билан коррупция фактлари тасдиқланди», — деб ёзганди улар 2013 йилда.

Ўшанда Қирғизистон президенти Аскар Акаев эди. У ағдарилганидан ва мамлакатдан қочиб чиқиб кетганидан сўнг унга нисбатан жиноий ишлар очилган, жумладан, «Кумтор» иши бўйича ҳам.

2009. Cameco ўз акцияларини ўзининг шўъба корхонаси Centerra Gold`га сотди.

Ўша пайтда президент Курманбек Бакиев эди. У 2010 йилда ағдарилганидан сўнг 2009 йилда «давлат учун фойдали бўлмаган шартлар қабул қилинган»и ҳақида гапира бошлашди. 2023 йилда у «Қумтор»даги коррупцияда сабабли сиртдан 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

2012. Қирғизистон парламенти Қумтор фаолиятини текшириш бўйича вақтинчалик комиссия тузди.

2013. Ҳукуматга 2009 йилдаги келишувни Қирғизистон фойдасига қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди. Иссиқкўл вилоятининг Жети-Огуз туманидаги қишлоқларнинг 500 нафар аҳолиси конга олиб борувчи йўлни тўсиб, 2009 йилда тузилган шартномани бекор қилишни талаб қилди. 2013 йил охирига келиб Қирғизистон ҳукумати Centerra Gold компанияси билан музокаралар олиб борди ва 50/50 улушдаги қўшма корхона яратиш лойиҳасини тақдим этди. Депутатлар бу лойиҳани рад этди ва Қирғизистон улушини 67 фоизгача оширишни талаб қилди. Суд жараёни бошланди.

2014. Собиқ молия вазири Қумтор келишуви амалга ошишини таъминлаш учун 4 миллион доллар пора олганликда айбланган. Бир йил ўтгач, у «айблов муддати тугаганлиги сабабли» озод қилинди.

2019. Қирғизистоннинг улуши 26 фоизгача камайди.

2020. Қирғизистон «Қумтор»га вақтинчалик ташқи бошқарувчини тайинлаш тўғрисида резолюция қабул қилди, Centerra Gold экологик нормаларни бузганликда айбланди. Уларга музликларда ноқонуний равишда чиқиндиларни сақлаганлини учун 3 миллиард доллар товон пули тўлаш мажбурияти юклатилди.

Centerra Gold Канададаги судга ва халқаро арбитраж судига «Қирғизистон ҳукумати томонидан коннинг тортиб олингани» бўйича даъво аризаси киритди. Компания «Киргизалтин» ОАЖ сохта тўлов ҳужжатидан фойдаланиб, компания ҳисоб рақамларидан 29 миллион долларга яқин маблағни чиқаришга уринганини қайд этди.

Centerra Gold компанияси «Кумтор Голд Компани» шўба корхонасини банкрот деб эълон қилди ва БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси ҳузуридаги арбитражга мурожаат қилди.

2022. Centerra Gold Қирғизистонни тарк этди ва бирданига 50 миллион доллар тўлашга рози бўлди.

Тергов ишлари давом этмоқда.

«2004 йил 24 июнь куни Cameco корпорацияси ва Centerra компанияси томонидан «Киргизалтин» акциядорлик жамияти ҳисобига 11 миллион доллар ўтказилгани маълум бўлди. Орадан тўрт кун ўтиб «Киргизалтин» раҳбари Камчибек Кудайбергенов Латвия пойтахти Ригадаги «Айзркрауклес» банкига ноқонуний равишда маблағ ўтказди. Пуллар Айдар Акаев назорати остидаги «Эккерд» компаниясининг ҳисоб рақамига тушди», деди Бош вазир ўринбосари Акилбек Жапаров 2021 йилда. «Centerra Gold ташкил топганидан сўнг, ўша йилнинг 28 июнида ҳеч қандай изоҳсиз 3 миллион 800 минг долларлик акцияларини Central Asia Gold компаниясига ҳадя қилди. Бироз вақт ўтгач, улар 44,6 миллион долларга сотилди. Буларнинг барчаси тергов давомида аниқланди. «Мушкат» юридик компанияси ҳам бу ишни ўрганиб чиқди ва ўз хулосасида кўплаб шубҳали жиҳатларни кўрсатиб ўтди ҳамда Аскар Акаев оиласини жавобгарликка тортиш зарурлигини қайд этди. Аммо буларнинг барчаси шундайлигича қолиб кетмоқда. Бу компания ўз акцияларини сотиб, Қирғизистонга қайтиб келди ва Ак-Жилга, Турук, Алтин-Жилга каби 5 та конни ўзлаштириш учун лицензиялар олди. Улар орасида энг йирик олтин кони Талдибулак Левобережний ҳисобланади. Конни кейинчалик қозоғистонлик инвесторлар сотиб олди. Улар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга яқин бўлиб чиққани учун расмийлар давлатлар ўртасидаги муносабатларни бузмаслик мақсадида уларни текширишни тўхтатди», — деб ёзганди Озодлик радиоси 2021 йилда.

Кирғизистондаги норозилик намойишлари, 2013. Фото: Озодлик радиоси

ЖЕРУЙ

Жеруй Қирғизистондаги Қумтордан кейинги иккинчи энг йирик олтин кони ҳисобланади. Тасдиқланган олтин заҳиралари 100 тоннадан ортиқ. Кон тарихи — кўплаб келаётган ва кетаётган инвесторлар, катта жарималар, коррупция можаролари, жиноий ишлар ҳисобланади. Ҳар бир инқилобдан сўнг, ишлаб чиқариш компанияларидан конларни ўзлаштириш учун лицензиялар олиб қўйилади ёки олиб қўйишга ҳаракат қилинади.

Маълумот ўрнида
1969. Талас вилоятида Жеруй кони аниқланди.

1993. Талас олтин қазиб олиш комбинати қурилиши маблағ йўқлиги сабабли тўхтатилди. Конни ўзлаштириш бўйича тендер танловсиз Американинг Morrison Knudsen Gold компаниясига берилди. Икки йил ўтгач, компания банкрот бўлди. Очилган қўшма корхона «Лавалин» компаниясига ўтказилди. У, ўз навбатида, солиқ имтиёзларини талаб қилди, Қирғизистон ҳукумати эса бундан бош тортди. Қўшма корхона ёпилди.

1996. Янги инвестор — Буюк Британиядан Oxus компанияси. Австралиялик ҳамкор билан биргаликда улар «Норокс Майнинг» қўшма компаниясини туздилар. Қирғизистоннинг «Киргизалтин» компанияси билан биргаликда эса «Талас Голд Майнинг» ЁАЖ қўшма корхонасини туздилар. 1999 йилда олтин нархи кескин тушиб кетди ва австралияликлар лойиҳани тарк этишди, Oxus пул қидира бошлади.

2005. Қирғизистонда инқилоб бўлди. Охус компанияси вакилига суиқасд уюштирилди — 6 та ўқ.

2023 йилда тергов суиқасд Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Курманбек Бакиев буйруғи билан амалга оширилганини аниқлади.

2006. Қазиб олиш ҳуқуқи Global Gold`га берилди.

2007 йилда Global Gold`нинг қўшма компаниядаги улушларини Қозоғистоннинг Visor Holding компанияси сотиб олди. Global Gold «Жеруйалтин» ËАЖнинг 60 фоиз акцияларига эгалик қиларди. Global Gold «доимий митинглар ва йўлларни тўсиб қўйишлар, инвесторни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида гапирадиган депутатлар томонидан кўплаб таҳдидларга дуч келгани учун» акцияларни сотди. Йил давомида компания атиги 4 ой ишлади.

2010. Қирғизистонда инқилоб бўлди. «Жеруйалтин»нинг лицензияси олиб қўйилди, чунки компания ўшанда ҳам қурилиш ишларини бошламаганди. Қирғизистон арбитраж жарималари остида қолди.

2016. Қайта ишлаш ҳуқуқи Россиянинг «Русская платина» корпорациясининг шўъба корхонасига сотилди. Лицензия 100 миллион долларга сотиб олинди ва инвестор «Жеруй»нинг давлат олдидаги жарималарини тўлаш мажбуриятини ҳам олди – 600 миллион доллар. Қайта ишлаш «Русская платина» компаниясининг шўъба корхонаси «Альянс Алтин» МЧЖ томонидан амалга оширилди.

Компанияда Қирғизистоннинг улуши йўқ.

2020. Қирғизистонда инқилоб. Талас олтин қазиб олиш комбинатини ишга тушириш кечиктирилди. Конда омборни талон-тарож қилишди, фабрика биноси ёқиб юборилди.

Ҳукуматнинг Талас вилоятидаги собиқ ваколатли вакили Айбек Бузурманкулов бу кон — «бу миллиардлаб долларлар Қирғизистонга қўлига етиб келмайди, балки Россия олигархларига оқиб боради», чунки «Қирғизистоннинг бу лойиҳада улуши йўқ», — деб таъкидлаганди. Унинг қўшимча қилишича, келишув «Путин босими остида» тузилган.

2014 йилда Россиянинг «Газпром»и Қирғизистоннинг «Киргизгаз» газ оператори активларини барча мулклари, жумладан, газ тақсимлаш станциялари билан бирга 1 долларга сотиб олди. «Газпром»нинг тушунтиришича, компания 65 миллион долларлик ташқи қарз билан бирга сотиб олинган ва шунинг учун битим суммаси 1 доллар эмас, балки 65 миллион долларни ташкил этган. Бошқа маълумотларга кўра, ташқи қарз 40 миллион долларни ташкил этган. Жогорку Кенеш депутатларининг сўзларига кўра, «Киргизгаз» ҳам бутун Қирғизистонни газлаштириш шартлари билан сотилган, бироқ шартлар бажарилмаган.

2021. Комбинат ишга туширилди. Очилиш маросимида Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров иштирок этди.

2021 йилда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 5,1 миллиард долларни ташкил этди, Қирғизистон ташқи қарзининг тахминан 35 фоизи Хитой Экспорт-импорт банкининг улушига тўғри келади. Россиянинг улуши кичик (бу ерда Евроосиё тараққиёт банки назарда тутиляпти, унинг энг катта улуши Россияга тегишли), аммо у ташқи қарзни «инсонпарварлик совғалари» учун ишлатади — қарзлардан кечади. Масалан, 2018 йилда Путин Қирғизистоннинг 240 миллион долларлик қарзини тўлиқ ҳисобдан чиқариб юборди. Бунгача Россия 188 миллион доллар ва 60 миллион долларлик қарзларни ҳисобдан чиқарганди. Қирғизистон ҳукумати буни «стратегик дўстлик намунаси» деб атади. Қарзлардан бирини ҳисобдан чиқариш доирасида Россия ва Қирғизистон расмийлари умумий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишга келишиб олганди.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари Қирғизистон ҳам Туркманистондан Хитойга газ ўтказишда транзит ҳудуд ҳисобланади. Одатда, мамлакатлар қувурнинг ўзидаги қисмини қуриш учун кредит олади, Хитой билан қўшма компания тузади, у бош пудратчи бўлади ва кейин газ транзити учун пул тўлайди. Қирғизистон бошқача йўл тутди – ерни ижарага берди, кредит олмади.

Бу норозиликни келтириб чиқарди. Расмийлар Қирғизистон унинг ҳудудидан транзит учун фойдаланилгани учун ҳар йили 75 миллион доллар олишини тушунтирди, бироқ келишувга қарши бўлганлар қўшни мамлакатлар каби қўшма қурилиш қилишни талаб қилди, ҳисоб-китобларни шубҳа остига олди.

«2018 йилда шовқин кўтарганимизда, расмийлар Қирғизистонга йилига 30 миллион доллар олишимизни айтишди. Кейинчалик шовқин кучайгач йилига 75 миллион оламиз, дейишди. Аммо бу миқдор шартноманинг ҳеч бир бандида кўрсатилмаган. Энг ёмони эса, келишувнинг 7-бандида, зарур бўлса, хитойликларга қурилиш йўли билан газ қувурини кенгайтиришга рухсат беришимиз кўрсатилган», — деди Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Базарбай Мамбетов.

Саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси вакили Марат Жээнбеков Мамбетовга бу миқдор ташилаётган газ ҳажмидан келиб чиқишини айтиб, жавоб қайтарди.

«Миқдор ҳар йили ўзгаради. Биринчи йилда оз бўлади, кейинги йилда кўпроқ, умуман олганда, бу газ ҳажмига қараб ҳал қилинади. Агар сиз уч йиллик қурилиш даврини олиб ташласангиз, улар 32 йил давомида пул тўлайди. Агар тўловнинг ўртачасини чиқарадиган бўлсак, йилига 50-60 миллион доллар бўлади».

Қандай бўлмасин, расмийлар мамлакатда кредит олиш учун пул йўқлигини айтишади.

Ресурслар учун Кураш
МИНТАҚАДАГИ ҚУВУРЛАР

Нефть қувурлари

Қозоғистон — Хитой

Марказий Осиё нефтини Хитойга тўғридан-тўғри экспорт қиладиган биринчи қувур.

Таъсисчилари «КазТрансОйл» АЖ (50 фоиз) ва China National Oil and Gas Exploration and Development Company Ltd. (50%) бўлган «Казахстанско-Китайский Трубопровод»га тегишли. Каспийнинг Қозоғистон соҳилидан Хитойдаги Шинжонга қадар давом этади.

Қурилиш 1997 йилда бошланган, Ақтўбе вилоятидан Атираугача бўлган биринчи участка 2003 йилда қурилган. Кейинги қувур – Қозоғистоннинг Атасувидан Хитойнинг Алашанкоусигача бўлган қувур линияси 2005 йилда қуриб битказилди. Кенкияк-Кумколь сўнгги участкаси 2009 йилда қурилган. Қувур узунлиги 2228 км, қуввати йилига 14 млн тонна.

Тенгиз – Новороссийск

Қозоғистоннинг асосий нефть экспорти амалга ошириладиган қувур. Каспий қувурлари консорциуми (КТК) томонидан назорат қилинади. КТК акциядорлари Россия («Транснефть» — 24 фоиз ва «КТК Компани» — 7 фоиз, LUKARCO B.V. — 12,5 фоиз, Rosneft-Shell Caspian Ventures Limited — 7,5 фоиз) – 51 фоиз; Қозоғистон «КазМунайГаз» – 19 фоиз ва Kazakhstan Pipeline Ventures LLC – 1,75 фоиз) – 20,75 фоиз; Chevron Caspian Pipeline Consortium Company – 15 фоиз, Mobil Caspian Pipeline Company — 7,5 фоиз, BG Overseas Holding Limited – 2 фоиз, Eni International N.A. N.V. – 2 фоиз ва Oryx Caspian Pipeline LLC — 1,75 фоиз.

Нефть қувурига Тенгиз, Карачаган ва Кашаган конларидан нефть ҳамда Россия ишлаб чиқарувчиларининг хомашёси келиб тушади.

Нефть Новороссийск портидаги денгиз терминалига етиб келади ва нефт жаҳон бозорларига ташиладиган танкерларга юкланади.

Нефть қувурининг узунлиги 1511 км.

Кенкияк — Атирау

Таъсисчилари «КазТрансОйл» (51 фоиз) ва Хитой миллий нефть корпорациясининг CNPC Exploration and Development Company Ltd. компанияси (49 фоиз) бўлган Шимоли-ғарбий қувур линияси компанияси «МунайТас»га тегишли.

Газ қувурлари

Қозоғистон — Хитой. Ўзбекистон чегарасидан бошланиб, «Хоргос» чегара постигача етиб боради.

Газ қувури учта йўлаклардан иборат. Биринчи участка ҳар йили Туркманистондан 40 миллиард метр куб газни ўтказиб юборади. Иккинчи участкаси Бейнеу — Бозой — Шимкент газ қувури — Ғарбни жануб билан боғлаб, йилига 10 миллиард метр куб Қозоғистон газини ўтказади. Бу участка орқали Хитойга газ экспорт қилинади, келажакда газ қувури туфайли Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари газлаштирилиши керак.

Газ қувури «КазТрансГаз» АЖ ва Trans-Asia Gas Pipeline Company Limited`га (ҳар бири 50 фоиздан улушга эга) тегишли.

Марказий Осиё — Хитой. Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой ҳудудидан ўтади. Асосан Туркманистон ва Хитойни боғлайди. Лойиҳа қуввати йилига 40 млрд метр куб.

Қурилиш ва газни етказиб бериш бўйича келишув 2007 йилда имзоланган, Туркманистон Қозоғистон-Хитой газ қувурини қуриш лойиҳасига қўшилиши ҳақида қарор қабул қилинган.

Қувур Хитой нефть қувурлари бюроси, Хитой нефть муҳандислик-қурилиш корпорацияси ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган Швейцариянинг Zeromax компанияси томонидан қурилган. Баъзи участкаларни «Газпром» қурган.

Марказий Осиё — Марказ. Газпром томонидан назорат қилинади. Туркманистондан бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Россияга ўтади. 2021 йилда Туркманистон Россияга ушбу газ қувури орқали қарийб 10 миллиард куб метр, Қозоғистон эса 4,6 миллиард куб метрга яқин газ етказиб берган.

Транскаспий газ қувури. Режалаштирилган газ қувури. Туркманистон ва Озарбайжонни боғлаши керак, Қозоғистоннинг Тенгиз конидан қўшимча йўлак қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Материал Хадиша Акаева, Болот Сатаркулов, Иля Бароховский, Адил Турдикулов, Галим Агелеуовдан иборат жамоа томонидан тайёрлаган.











Post Views: 549